Koronavirus!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халққа мурожаатидан парча:

Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.

Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.

Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак.

Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.

Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилди.

❗️Ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларини жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари билан таништиришга ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини «пиар қилиш»ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак.

Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим.